Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сон Фармонига мувофиқ веб-сайт маълумотлари янгиланмоқда!

Расмий муносабат

Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунида давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизми қайд этилган. Унга асосан, тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш кўзда тутилмаган.

Ўзбекистон Республикасининг “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 47-моддасига биноан суғурта фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи — Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади.

Ушбу моддада Агентликнинг тўлиқ ваколатлари белгилаб қўйилган, ҳамда суғурта ташкилотларига нисбатан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар мазкур Қонуннинг 53-54-моддаларида аниқ кўрсатилган.

Биринчидан, суғурта ташкилотлари тадбиркорлик субъектлари ҳисобланиб, мижозлар томонидан ихтиёрий равишда имзоланадиган суғурта шартномалари асосида уларга суғурта хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотидир.

Иккинчидан, мажбурий суғурта турлари бўйича суғурта шартномаси Ҳукумат қарорлари билан тасдиқланади. Шундай бўлсада, суғурта ташкилотлари томонидан бундай турдаги суғурта шартномаларини тузишга мижозлар мажбурланмайди.

Учинчидан, мажбурий суғуртани амалга ошириш билан боғлиқ бўлган қонунчиликдаги талаб ва шартлар суғурта шартномасининг шартлари ҳисобланади. Мажбурий суғурта шартномаси суғурта ташкилоти томонидан суғурта қилдирувчига суғурта полисини тақдим этиш орқали тузилади.

Тўртинчидан, суғурта ташкилотларининг мижозлар билан тузилган шартнома шартларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун ваколатли орган томонидан кўрилиши лозим бўлган тўғридан-тўғри чоралар ва санкциялар мавжуд эмас.

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунининг 36-моддасига кўра, хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш вақтида тарафлар ўртасида келиб чиқадиган низолар, шунингдек етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда иқтисодий суд томонидан, шартномада назарда тутилган ҳолларда ёки тарафларнинг келишувига биноан – ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади.

Шу сабабли, барча мижозлар шартнома шартлари бўйича низолар юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин.

Олтинчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 34-моддаси биноан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги белгиланган.

© Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати