Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сон Фармонига мувофиқ веб-сайт маълумотлари янгиланмоқда!

Суғурта бозорини рақамлаштириш ва ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

2021 йил 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суғурта бозорини рақамлаштириш ва ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5265 қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан, миллий суғурта бозорининг жадал ривожланишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг суғурта бозорига бўлган ишончини ошириш, шунингдек, 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида:

  • 2022 йил 1 июлдан бошлаб суғуртанинг барча турларини (классларини) электрон шаклда амалга оширишга рухсат берилади. Барча суғурта турлари бўйича суғурта полислари Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси билан биргаликда юритадиган ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйҳатга олинади;
  • 2023 йил 1 январдан бошлаб мажбурий суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта полисларини қоғоз бланкаларда расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади.

2022 йил 1 январдан 2025 йил 1 январга қадар ҳаёт суғуртаси соҳасида фаолият юритаётган суғурта ташкилотларининг мазкур фаолияти қисми учун ҳисобланадиган фойда солиғи бўйича белгиланган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади.

2022 йил 1 январдан 2024 йил 1 январга қадар иш берувчи томонидан ўз ходимлари учун бахтсиз ҳодисалардан эҳтиёт шарт суғурта қилиш ва тиббий суғурта турлари бўйича тузилган суғурта шартномалари асосида Ўзбекистон Республикасида суғурта фаолиятини амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахсларга йўналтириладиган маблағлар жисмоний шахсларнинг жами даромади сифатида қаралмайди.

Жисмоний шахсларнинг узоқ муддатли ҳаёт суғуртаси шартномаси бўйича йўналтирилган маблағлари ҳамда уларга тўланган суғурта тўлови (суғурта товони) Ўзбекистон Републикаси Солиқ кодексига асосан солиққа тортилмаслиги белгиланди.

Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 июнга қадар транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича ягона ахборот тизими негизида барча суғурта полисларини рўйҳатга олувчи ва уларнинг айланмасини назорат қилувчи ягона автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда – Ягона ахборот тизими) жорий этилишини таъминлайдилар.

Суғурта шартномаларини Ягона ахборот тизими орқали расмийлаштириш суғурта ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади.

Молия вазирлиги суғурта ташкилотлари томонидан ихтиёрий пенсия суғуртаси ҳамда узоқ муддатли (беш йил ва ундан ортиқ) ҳаёт суғуртаси турлари бўйича суғурта мукофотлари ҳисобидан шаклланган маблағларни инвестиция қилиш мақсадида инфляцияга боғланган давлат қимматли қоғозларга йўналтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади.

Ҳаёт суғуртаси соҳасидаги миллий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда халқаро тажрибани Республикада жорий қилиш юзасидан Япониянинг The Foundation for The Advancement Of Life & Insurance Around The World (FALIA), Oriental Life Insurance Cultural Development Center (OLICD) ва бошқалар ривожланган мамлакатларнинг халқаро ҳаёт суғуртаси жамғармалари (уюшмалари) билан тажриба алмашинуви амалиёти йўлга қўйилади.

© Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати